Паркент тумани Қуёш маҳалласидаги кўчалардан бирига Ғиёс Умаров номининг берилиши ва дунёга машҳур Катта Қуёш Печига бориладиган йўл ёқасида бюст ўрнатилиб обод хиёбон ташкил этилгани ўйлайманки, айниқса катта авлод физикларни, жумладан унинг шогирди сифатида мени ниҳоятда қувонтирди.
Ғиёс Ёқубович Умаров (1921-1988) Г.Лёф, Ф.Тромб ва В.А.Баумлар сингари дунёнинг таниқли гелиофизик олимлари қаторидан муносиб ўрин эгаллаган энциклопедик ўзбек олими дунё илмий жамоатчилиги орасида ўзининг муборак номини қолдира олган таниқли сиймодир. У дунёда “яшил энергетика”га эътибор деярли йўқлигига қарамасдан, келажакдаги муаммоларни кўра олди ва қуёш энергиясидан фойдаланиш соҳасида улкан ишларни амалга оширди, кучли гелиотехника мактабини яратди. Бугунги кунга келиб жаҳонда мазкур соҳага қизиқишнинг юксак даражага кўтарилганлиги барчага маълум. Ғиёс Ёқубовичнинг бошлаган ва режалаштирган ишларини бугунги кунда Мустақил мамлакатимиз илмий марказлари ва олий ўқув юртларида, айниқса Ўзбекистон Фанлар Академияси “Физика-Қуёш” ИИЧБ Физика-техника, Материалшунослик, энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий тадқиқот институтларида ёш, иқтидорли илмий ходимлар давом эттирмоқдалар. Аминманки, Ғиёс Умаров номи мамлакатимизда тез суръатларда ривожланиб бораётган гелиотехника фани ва техникасининг рамзига айланиб бораверади.
Ғиёс Умаров шахсига берилган эътибор мамлакатимизда инсонни қадрлаш борасида олиб борилаётган доно сиёсатнинг мевасидир.
Т.Д. Жўраев,
Бухоро давлат университети “Физика” кафедрасининг профессори
Telefon: +99871 235 93 61
Faks: +99871 235 42 91
E-mail: ftikans@uzsci.net
Manzil: O'zbekiston, 100084, Toshkent sh., Chingiz Aytmatov ko'chasi, 2B uy