Обращение граждан
Физико-технический институт имени С.А. Азимова
Академии наук Республики Узбекистан

Концепция Развития Научно-Исследовательской Деятельности

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

С.Азимов номидаги “Физика-Қуёш” Илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси

 

С.Стародубцев номидаги Физика-техника институтининг

2020-2024 йилларда илмий фаолиятини ривожлантириш концепцияси

 

 

КИРИШ

Физика-техника институтининг 2024 йилгача илмий фаолиятини ривожлантириш концепцияси замонавий физика фанининг ривожланиш тенденциялари ва ютуқлари, физиканинг устувор илмий йўналишлари асосида институтда олиб бориладиган тадқиқотларни ривожлантириш ва натижаларга эришишни жадаллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.

     Концепцияда, институтнинг илмий фаолиятини янада ривожлантиришни концептуал йўналишлари ва модели, устувор илмий изланишларни олиб бориш, шунингдек, чуқур фундаментал тадқиқотлар асосида яратилган мавжуд илмий натижалардан амалиётда фойдаланиш йўллари келтирилган.

 

ИЛМИЙ САЛОҲИЯТ

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси С.Азимов номидаги “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Физика-техника институти 1943 йилда ташкил топган бўлиб, институтда 152 нафар ходим фаолият юритмоқда. Шундан, илмий ходимлар 85 нафарни, 45 ёшгача бўлган илмий ходимлар 46 нафарни ва илмий даражага эга ходимлар 35 нафарни ташкил этади. Жумладан, 2 нафари академиклар, 19 нафари фан докторлари, 4 нафари фалсафа докторлари, 12 нафари фан номзодлари. Илмий ходимларнинг ўртача ёши – 48 ёш (фан докторлари – 68, фан номзодлари ва фалсафа докторлари – 53 ёш).

Институтда олий малакали илмий, илмий-педагог кадрлар тайёрлаш бўйича: олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида таҳсил олаётган докторантлар – 3 нафар, таянч докторантлар – 11 нафар ва мустақил изланувчилар 5 нафар ҳамда 6 нафар ёш стажёр-тадқиқотчилар фаолият олиб бормоқда.

 

ИЛМИЙ ЙЎНАЛИШЛАР

Физика-техника институтида қуйидаги асосий йўналишлар доирасида илмий изланишлар олиб борилади:

- юқори энергиялар физикаси – юқори ва ўта юқори энергияларда адрон ва ядроларнинг ядролар билан ўзаро таъсирини, ўта зич ва ўта иссиқ кварк-глюон материя хоссаларини, микродунё ва борлиқнинг фундаментал қонуниятларини ўрганиш;

- назарий физика - оптик алоқа тизимлари ривожи учун конденсирланган муҳитларда ночизиқли уйғонишлар динамикасини, оптик толали оптоэлектрон қурилмаларни, квант компьютер ва бошқа тизимларни тадқиқ этиш;

- яримўтказгичлар физикаси – самарали фотоўзгартгичлар, фотоқабулқилгичлар ва бошқа юқори даражада сезгир датчиклар технологияларини ишлаб чиқиш мақсадида яримўтказгичли материаллар ва структураларда содир бўлувчи физикавий жараёнларни тадқиқ этиш, ярим ўтказгичли қурилмаларда ишлатиладиган, функционал имкониятлари кенгайтирилган янги турдаги яримўтказгичли структураларни ишлаб чиқиш.

- қуёш энергиясини ўзгартириш – қуёш энергиясини тўғридан-тўғри ҳамда термодинамик иссиқликка айлантиришнинг физик асосларини тадқиқ этиш ҳамда юқори самарали гелиотехник қурилмалар конструкцияларини ишлаб чиқиш;

 

ЗАМОНАВИЙ ҲОЛАТ

Институтда олиб борилган фундаментал тадқиқотлар натижасида:

Ҳосил бўлган ўта зич ва ўта иссиқ материянинг хоссалари ҳамда зарраларнинг кўпламчи генерацияси, ядроларнинг фрагментацияси жараёнларини тўқнашаётган ядролар энергияси ва массасига ҳамда тўқнашув марказийлигига боғлиқлиги механизмларини  аниқлаш учун юқори ва ўта юқори энергиялар соҳасида адронлар ва ядроларнинг ядролар билан тўқнашув жараёнлари тадқиқ этилган. Олинган натижалар, ўзаро кучли таъсир назариясини ривожлантиришга ҳамда ўта зич ва ўта иссиқ кварк-глюон материяси ҳоссаларини ўрганишга улкан ҳисса қўшиб материя ва планеталарнинг шаклланиш жараёнини талқин қилишга ёрдам беради.

Ночизиқли физика соҳасида жахонда тан олинган илмий мактаб яратилган. Оптик толаларда ёруғлик импульслари ёрдамида ахборот узатиш ва квант компьютерларини яратишда катта аҳамиятга эга бўлган, ночизикли якка тўлқин - солитонлар назарияси яратилди ва солитонларнинг тарқалиш қонуниятлари аниқланди.

Самарали фотовольтаик эффектга эга бўлган яримўтказгич материалларининг янги синфи –  эпитаксал қаттиқ қоришма назарий башорат қилинди ва тажрибада олинди. Таъқиқланган зонаси ўзгарувчи яримўтказгич қаттиқ қоришмаларининг янги синфларини синтез қилишнинг физик ва технологик асослари ишлаб чиқилди.

Амалий илмий-техник лойиҳаларини бажарилиши натижасида:

Оптоэлектроникада қўлланиладиган, текстурланган юзали ва радиацияга бардошли юпқа қатламли плёнкаларни ўстириш имконини берадиган технологиялар яратилди ва  уларни ўстириш усуллари ишлаб чиқилди.

Юқори самарали қуёш сув иситиш коллекторларининг янги авлоди ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қуритиш қурилмаси яратилди ва уларни саноат миқёсида ишлаб чиқариш АРТEЛ ва Офтоб Нур компаниялари билан биргаликда амалга оширилди.

Қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича Тошкент давлат тех-ника университети буюртмасига асосан 4та лаборатория ўлчов стендлари яратилди.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти буюртмасига асосан 20 м чуқурликдан сув кўтариш учун 170 Вт қувватли фотоэлектр қурилма яратилди.

Навоий давлат кончилик институти буюртмасига асосан кўпканалли қайд қилувчи термометр ва Навоий кончилик институти печка бўлимини автоном ёритиш тизими яратилди.

2017-2019 йилларда Давлат илмий-техника дастурлари доирасида бажарилган фундаментал ва амлий тадқиқотлар натижасида 153та илмий мақола (110таси ҳорижда), 10та монография, 16 патент ва 11та дастурий гувоҳномалар олинди.

Институт томонидан халқаро “Гелиотехника” журнали нашр этилади. Инглиз тилига таржима қилиниб, “Applied Solar Energy” номи билан чет элларда ҳам тарқатилади. “Applied Solar Energy” журнали ҳалқаро Scopus базасига киритилди.

  

МАВЖУД МУАММОЛАР

-институтга ишга қабул қилинаётган Республика ОЎЮни битирган ёш мутахассисларни умумий билим даражасининг талабга жавоб бермаслиги, 

- юқори тезликда ишлайдиган ва катта хотира ҳажмдаги янги авлод ҳисоблаш техникасининг йўқлиги назарий физика, тўлқинлар назарияси, юқори энергиялар физикаси каби фаннинг долзарб йўналишларида тадқиқотларни олиб бориш ва бошқа йўналишларда турли жараёнларни моделлаштириш имконини чеклаётганлиги,

- амалий тадқиқотлар натижалардан амалий фойдаланиш ва жорий қилиш даражасининг пастлиги.

 

КОНЦЕПЦИЯНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

-юқори энергиялар физикаси, назарий физика соҳаларида фундаментал тадқиқотларни давом эттириш. Бунда, институт ходимларини Бирлашган Ядро Тадқиқотлари Институти (Дубна, Россия) ҳамда ЦЕРНдаги (Швейцария) Катта Адрон Коллайдердаги иштирок этишига эришиш;

-назарий физика, тўлқинлар назарияси, юқори энергиялар физикаси каби фаннинг долзарб йўналишларида тадқиқотларни чуқурлаштириш мақсадида институтда янги “тадқиқотларни моделлаштириш” йўналишини ташкиллаштириш. Бунинг учун, институт таркибида тадқиқотларни моделлаштириш гуруҳини ташкил этиш ва янги авлод ҳисоблаш техникаси билан жиҳозлашни таъминлаш;

-иқтисод тармоқларининг долзарб муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган амалий тадқиқотларни кўламини ошириш. Бунинг учун, корхоналар эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда илмий–тадқиқот лойиҳаларини шакллантиришни таъминлаш;

-фундаментал ва амалий тадқиқотлар натижаларини халқаро даражада муҳокамасини ташкил этиш, халқаро хамкорликни ривожлантириш мақсадида физиканинг долзарб  масалалари бўйича республика ва халқаро илмий анжуманларни мунтазам ташкил этиш;

- ҳалқаро илмий муҳитда ишлай оладиган рақобатдош ва илмий тадқиқотларнинг замонавий инновацион усулларини ривожлантира оладиган ҳамда республика ОЎЮ сони ва қабул квоталарини кескин ошиши кутилаётган бир вақтда уларнинг профессор-ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш.

 

 

2020-2024 ЙИЛЛАРДА КЎЗЛАНГАН РЕЖАЛАР

 

  Мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўллари, шунингдек тадқиқотларнинг натижадорлик кўрсаткичлари

 

2020 йилда:

 

юқори энергиялар физикаси соҳасида Оралиқ, юқори ва ўта юқори энергияли Au+Au ва Pb+Pb ўзаротаъсирларнинг периферик, ярим периферик ва марказий тўқнашувларида ҳосил бўлган манфий пионларнинг кўндаланг импульслари бўйича олинган экспериментал ва назарий тақсимотлари Хагедорнинг термодинамик модели, Максвелл-Больцман тақсимотлари функциялари ҳамда заррачаларнинг коллектив оқимини ҳисобга олувчи феноменологик моделлар башоратлари ёрдамида тавсифланади;

институт ходимларини Бирлашган Ядро Тадқиқотлари Институти (Дубна, Россия) ҳамда ЦЕРНдаги (Швейцария) Катта Адрон Коллайдердаги халқаро лойиҳаларда иштирок этишига эришиш мақсадида «Эл-юрт  умиди» жамғармаси орқали илмий стажировкалар ўташ учун лойиҳа тайёрланади;

ўта катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш ва математик таҳлил қилиш, моделлаштириш ва симуляция қилишга мўлжалланган замонавий ҳисоблаш кластери ташкил этилади;

назарий физика соҳасида квант газларидаги макроскопик структураларнинг хоссаларига квант флуктуациясининг таъсири тадқиқот қилинади. Квант томчи ва уларнинг комплекслари мавжудлик ҳамда турғун бўлиш соҳалари топилади. Атом киришмаси билан Бозе-конденсатининг ўзаро таъсирлашуви ўрганилади. Ўзгарувчан атомлараро таъсирга эга Бозе-конденсатида зичлик тўлқинларининг генерация шартлари топилади. Диссипатив тўлқинўтказгич панжараларда оптик дасталарнинг тарқалиш режимлари аниқланади;

яримўтказгичлар физикаси соҳасида ZnxSn1-xSe/CdS асосидаги янги юпқа қатлам қуёш элементлари олинади ва уларнинг фотовольтаик хоссалари аниқланади. Юпқа қатламли қуёш элементларини ишлаб чиқариш технологияси яратилиб, “FOTON”  корхонасида жорий қилинади;

зарядланган заррача детекторларини ишлаб чиқариш учун технологик жараёнлар яратилади. НКМК билан мавжуд хўжалик шартномасига асосан, тупрок, ҳаво ва сув учун радон радиометри ишлаб чиқарилади ва НКМК-да синовдан ўтказилади. Битта радиометр НКМК эхтиёжлари учун ишлаб чиқарилади ва шу корхонага топширилади;

Тошкент, Фарғона ва Самрқанд шахарларида нейтрон оқимларининг ва зарядланган зарраларнинг интенсивлигини ўзгаришини бир вақтнинг ўзида доимий кузатиб бориш ва қайд этиш учун учта станция ишга тушириш ишлари амалга  оширилади ва ер қобиғида зарядланган зарралар ва нейтронлар интенсивлигини доимий равишда кузатиб бориш асосида зилзиларни башорат қилиш услуби ишлаб чиқилади;

температурага юқори сезгирликка эга бўлган бир жинсли қиздириш режимида ишловчи термовольтаик элементларнинг ва галлий фосфиди, рух селениди ҳамда кремнийли гетероструктуралар асосидаги қизил ва сариқ рангларда нурланувчи светодиодларнинг лаборатория нусхалари яратилади;

            турли спектрал диапазонда яримўтказгичларнинг юқори ёруғлик сезувчанлигини таъминловчи физикавий шароитлар аниқланади. Потенциал барьерли кўп қатламли янги яримўтказгичли структуралар яратишнинг физик-технологик асослари ишлаб чиқилади;

қуёш энергиясини ўзгартириш соҳасида қуёш коллекторларининг иссиқ сув таъминоти ва иситиш тизимларида қиш ва ёз мавсумларида фойдаланиш учун юқори энергетик самарадорли ва қувватли ўз-ўзини дренажловчи янги турдаги гелиоқурилмалар яратилади;

турли оксид материаллар (SiO2, Al2О3, TiО2, CuО) нанозаррачалари асосидаги юқори иссиқлик ўтказувчанлигига эга бўлган наносуюқликлар олиш технологияси ишлаб чиқилади;

полимер ва шиша материаллар асосидаги янги авлод куёш коллекторлари конструкциялари ишлаб чиқилади;

фазавий ўзгарувчан материаллар (кристаллогидратлар ва парафинлар)нинг иссиқлик – физик хусусиятларига оид янги маълумот олинади;

автоном фотоэлектрик қурилмаларнинг (АФЭҚ) самарадорлигини ошириш усуллари яратилади. Қуёш  нурланиши, атмосфера  ҳарорати,  чангланиш,  ҳамда АФЭҚнинг таянч конструкцияларининг қуёшга нисбатан оператив йўналтиришининг АФЭҚ  самарадорлигига таъсири  натижалари экспериментал усулда Тошкент вилояти шароитида аниқланади. Лойиҳалаштирилаётган юқори самарадорликга эга янги АФЭҚнинг схемаси ва параметрлари хисобланиб аниқланади.

 

2021 йилда:

 

юқори энергиялар физикаси соҳасида Ядровий тўқнашувларда зарралар ҳосил бўлиш жараёнларида коллектив эффектларни топишга имкон берувчи мавжуд ва янги критериялар ривожлантирилиб, улар ёрдамида экспериментал маълумотлар таҳлил қилинади;

назарий физика соҳасида даврий ва тасодифий ғалаёнланиш таъсири остида ночизиқли системалардаги локаллашган структураларнинг динамикаси мавзуси бўйича тадқиқот олиб бориш режалаштирилган. Ночизиқли оптика ва квант физикасида турли системалар учун жуфтлик-вақт симметрияси билан системаларнинг умумлашган назарияси яратилади. Диссипатив йўналтирилган улагичларда оптик дасталарнинг ўтиш режимлари топилади;

яримўтказгичлар физикаси соҳасида янги турдаги қуёш элементларини яратиш мақсадида, кимёвий молекулалар дасталаридан олиш усули билан SbSe юпқа қатламини олиш усуллари ҳамда уларнинг структура ва электрофизик хоссаларини тадқиқ қилиниб, олинган янги SbSe юпқа қатламларни структура ва электрофизикавий катталиклари аниқланади;

галлий-антимонид, галлий-арсенид, индий-фосфор яримўтказгич бирикмалари ва кремний-германий қаттиқ қоришмаларида термовольтаик ва фототермовольтаик эффектларига оид янги маълумот олинади. Кремний тагликларига суюқ фазадан ўстирилган ўзгарувчан таъқиқланган зонали кремний-германий қаттиқ қоришмаларининг эпитаксиал қатламларидаги дислокациявий нуқсонлари аниқланади. Яримўтказгич қаттиқ қоришмаларида ривожланувчи ўз-ўзини шакллантирувчи жараёнларнинг хусусиятларига оид янги маълумот олинади. Наноструктурали яримўтказгич гетероструктураларда заряд ташувчиларнинг энергетик тафсилотлари аниқланади. Кремний тагликларига поликристалл алмаз қатламларини олишнинг физикавий-технологик хусусиятлари аниқлаштирилади;

ёруғликни сезувчи янги яримўтказгичли структураларни яратишнинг базавий конструкцияси ва  технологияси ишлаб чиқилади;

вақт профилининг хусусиятлари, зарядланган зарралар оқимининг интенсивлиги ва зилзила манбаси жойлашуви ўртасидаги ўзаро боғлиқликни доимий равишда қайд этиш учун, сейсмик станциялар учун янги компьютер дастури ишлаб чиқилади, маълумотларни таҳлил қилиш асосида зилзила содир бўлган жойни башорат қилиш усуллари ишлаб чиқилади;

тупрок, хаво ва сув учун ярим ўтказгичли радиометрда радон активлигини кузатиш ва мониторинглаш усули ривожлантирилиб, учта радон радиометри ишлаб чиқарилади ва ОКМКга улар билан янги хўжалик шартномаси доирасида топширилади.

 

қуёш энергиясини ўзгартириш соҳасида ясси қуёш фотоэлектрик қурилмалари ва сув иситгич коллекторларнинг унумдорлиги аниқланиб,  шунинг асосида уларнинг Республиканинг тавсифий минтақаларида электрик ва иссиқлик потенциаллари ҳаритаси яратилади;

полимер ва шиша материаллар асосидаги янги авлод куёш коллекторларида наносуюкликли иссиклик ташувчидан фойдаланиш буйича тадкикотлар олиб борилади ва уларнинг оптимал иш режимлари аниқланади;

табиий ва мажбурий конвексия пайтида иссиқлик узатиш жараёнларини ўрганилиб, қуёш иссиқлик қурилмаларининг прототиплари ишлаб чиқилади;

фазавий ўзгарувчан материаллар асосидаги иссиклик аккумуляторлари ишлаб чиқилади ва уларнинг тажрибавий нусҳалар тайёрланади;

юқори самарали кристалли кремнийдан тайёрланган қуёш элементларининг ҳароратга доир коэффициентларини ўрганиш асосида  янги авлод иссиқлик батареяларининг намуналарини ишлаб чиқилади;

N ва Р типли монокристалли ва полокристалли кремнийдан тайёрланган юқори самарали қуёш элементлари ва уяли поликорбанат  материали асосидаги ишлаб чиқилган иссиқлик коллекторидан тайёрланган бириктирилган янги авлод фото иссиқлик батареяси  конструкция ва технологияси яратилади;

бириктирилган янги авлод фотоиссиқлик батареялари Тошкент шаҳри ва вилояти  шароитида синовдан  ўтказилади.

 

2022 йилда:

 

юқори энергиялар физикаси соҳасида Оралиқ, юқори ва ўта юқори энергияли ядровий тўқнашувларда ҳосил бўлувчи ядровий материя хусусиятларининг иккиламчи заррачалар (пионлар, каонлар, резонанслар ва ҳ.к.) кинематик характеристикаларига таъсири тадқиқ қилинади.

 

назарий физика соҳасида квант газларида кўп ўлчовли локаллашган тўлқинларнинг хоссалари тадқиқот қилинади. Икки ва уч ўлчамли ночизиқли муҳитларда локаллашган тўлқинларнинг барқарорлик назарияси ишлаб чиқилади.

яримўтказгичлар физикаси соҳасида nSi-pSi1-xGex структураларининг устига (Ge2)1-x-y(GaAs)x(ZnSe)y қаттиқ қоришмаларини ўстириш хусусиятлари ва улардаги термовольтаик ва фототермовольтаик эффектларига оид янги экспериментал маълумот олинади;

ўзгарувчан таъқиқланган зонали қаттиқ қоришмалар асосидаги гетероструктураларда инжекциявий камбағаллашиш эффектини ривожланишининг умумий қонуниятлари очиб берилади;

ўзгарувчан таъқиқланган зонали Si1-xGex ва (Ge2)1-x-y(GaAs)x(ZnZSe)y қаттиқ қоришмалари асосидаги камўлчамли яримўтказгич гетероструктураларини биржинсли қиздиришда температура таъсирида ток ва кучланишни юзага келиши механизмлари аниқланади;

кремний тагликларида монокристал алмаз қатламларини ҳосил бўлиши механизмлари ёритилади;

Кўп қатламли янги яримўтказгичли структураларнинг юқори ёруғлик сезувчанлигини таъминлаш принциплари ишлаб чиқилади;

юпқа қатламларни олиш технологияси такомиллаштирилиб, уларнинг структура ва электрофизик катталиклари аниқланади;

йил давомида бир вақтнинг ўзида ўтказилган ўлчовлар натижаларига кўра, эпицентрнинг жойлашуви, вақт параметрлари ва зарядланган заррачалар оқимларининг ошиши амплитудалари ўртасидаги Тошкент, Фарғона ва Самарқанд ускуналаридаги мониторинг натижалари таҳлил қилиниб, зилзила содир бўлган жойни ва вақтини башорат қилиш усуллари ишлаб чиқилади.

қуёш энергиясини ўзгартириш соҳасида республиканинг тарқоқ ва марказдан узоқда жойлашган минтақаларида  ичимлик суви таъминоти сифатини яхшилаш мақсадида, қуёш иссиқлик ва фотоэлектрик қурилмалар асосида янги турдаги муқобил қуёш сув чучитгич қурилмасининг прототипини ишлаб чиқилиб синовдан ўтказилади;

қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасидаги ишлаб чиқариш корxоналарида келажакда жорий қилиш мақсадида наносуюкликлар асосидаги иссиклик ташувчилар тайёрлаш технологияси буйича теxник ҳужжатлар тўплами ишлаб чиқилиб, наносуюқликли иссиқлик ташувчиларни олиш технологиясига қизиқиш билдирган корхонага ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш мақсадида тақдим этилади;

фазавий ўзгарувчи материаллар асосидаги янги турдаги иссиклик аккумуляторлари лаборатория намуналарини яратилади;

атмосфера ифлосланишининг (чангнинг) фотоэлектрик батареяларнинг  (ФЭБ) ва фотоиссиқлик  батареяларнинг (ФИБ) параметрлари ва самарадорлигига  республиканинг турли иқлим шароитида таъсири бўйича янги маълумот олинади. Жумладан республиканинг катта қувватли  янги тармоқ фотоэлектрик станциялари қурилиши режалаштирилаётган регионларида чангланишнинг таъсири бўйича тўлиқ маълумот олинади. Ишлаб чиқилган ФИБ ва ФЭБ сиртини ҳимоя қилиш усуллари автоном фотоэлектрик қурилмаларни амалда ишлатиш жараёнида қўлланилади.

 

2023 йилда:

 юқори энергиялар физикаси соҳасида Ўта юқори энергияли (АҚШ Брукхейвен миллий лабораторияси, Европа ядро тадқиқотлари маркази Катта адрон-коллайдери, Швейцария) Сu+Cu, Au+Au ва Pb+Pb марказий тўқнашувларида ҳосил бўлган заррачалар кинематик характеристикаларининг ядроларнинг масса сонларига боғлиқлиги тадқиқ қилинади.  

назарий физика соҳасида квант ахборотларни узатиш учун солитонларни қўллашнинг назарий асослари яратилади. Квадратик ночизиқли диссипатив оптик системаларнинг динамикасига оид янги маълумот олинади.

яримўтказгичлар физикаси соҳасида Si тагликларига суюқ фазадан олинган pSi-n(Si2)1-x(GaN)x  гетероструктураларининг фотоэлектрик ва люминесцент хусусиятлари аниқланади;

Si тагликларига суюқ фазадан ўстирилган ўзгарувчан таъқиқланган зонали Si1-xGex қаттиқ қоришмаларининг эпитаксиал қатламларидаги дислокациявий нуқсонлар зичлигини қатлам қалинлиги ва панжара доимийси бўйича ўзгариш қонуниятлари аниқланади;

Si тагликларида олинган pSi-n(Si2)1-x(GaN)x асосида ҳажмий ва камўлчамли структураларда люминесцент нурланишни юзага келиши механизми аниқланади;

Жанубий Флорида университети (АҚШ) ва Швецария (EMPA) материалшунослик ва технологиялар бўйича федерал лабораторияси билан ҳамкорликда янги турдаги қуёш элементларини яратилиб, уларнинг физикавий хоссаларига оид янги маълумот олинади;

ер қобиғидаги нейтронлар ва зарядланган зарралар оқимларининг ўзгаришини доимий кузатиб боришдан глобал сейсмик станциялар тармоғини яратиш учун янги илмий, техник ва экспериментал натижалар олинади.

Зарядланган заррачалар оқимини доимий кузатувчи янги турдаги автоматлаштирилган радиометр ишлаб чиқилади.

 

қуёш энергиясини ўзгартириш соҳасида Қуёш нурларининг оптимал тушишини таъминлайдиган автоном фотоэлектрик тузилма таянч конструкциялари тузилмалари ва алоҳида жойлашган қишлоқ  объектлари учун янги ишончли АФЭҚ инфратузилмаси яратилади;

фотоқабулқилгич ва ёруғлик тарқатгичнинг режимлари ва ёруғлик характеристикаларига боғлиқ бўлган ҳолдаги «ёруғлик тарқатувчи-ёруғлик қабул қилувчи» тизим параметрларини мослашишини таъминловчи мезонлар ишлаб чиқилади;

умумий тармоққа уланган фотоэлектрик тизимларни интеллектуал бошқариш учун дастурий ва техник воситалари танлови асосланиб, структуравий ечимлар ишлаб чиқилади;

наносуюқликлар асосидаги иссиқлик ташувчиларнинг музлашга қарши хусусиятлари лаборатория шароитида тажрибаларни амалга ошириш орқали аниқланади;

турли ишчи ҳарорат диапазонларидаги иссиқлик қурилмаларида иссиқликни аккумуляция қилиш учун ишлатиладиган иссиқлик аккумуляторларининг янги вариантлари ишлаб чиқилади.

  

2024 йилда:

 

юқори энергиялар физикаси соҳасида Юқори энергияли ядровий тўқнашувларда ҳосил бўлувчи ядровий материя хусусиятларининг иккиламчи заррачалар (пионлар, каонлар, резонанслар ва ҳ.к.) кинематик характеристикаларига таъсири бўйича олинган маълумотлар турли моделлар башоратлари билан тавсифланади ва моделларнинг қўлланилиш соҳалари аниқланиб, уларни такомиллаштиришга оид тавсиялар берилади;

назарий физика соҳасида материя тўлқин солитони ва Бозе-зарраларидан ташкил топган боғланган системаларнинг динамикаси квант ахборот ташувчи бит (кубит) контекстида кўриб чиқилади. Параллел атомли ва оптик тўлқин ўтказгичларда ўзаро таъсирлашиш ва ўтиш эффектларининг параметрлари ҳисоблаб чиқилади. Олинган натижалар ахборотни қайта ишловчи оптик қурилмалар ва юқори сезувчан қурилмаларни, яъни атом интерферометрлар, гироскоплар, атом лазерларини яратиш, ҳамда ривожлантириш учун қўлланилиши мумкин;

яримўтказгичлар физикаси соҳасида янги турдаги юпқа қатлам қуёш элементларининг фотовольтаик катталиклари аниқланади. Ишланмалар натижалари ёрдамида янги турдаги юпқа қатлам қуёш элементларини ишлаб чиқариш учун технология “FOTON” корхонасига топширилади;

тадқиқотлар жараёнида Жанубий Флорида университети (АҚШ),  Швецария (EMPA) материалшунослик ва технологиялар бўйича федерал лабораторияси ҳамда Малазия миллий университет қошидаги Қуёш Энергияси илмий тадқиқот институти билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилади;

Si тагликларига суюқ фазадан олинган nSi - n(Si2)1-x(GaP)x - n(ZnSe)1-x-y(Si2)x(GaP)y гетероcтруктураларининг фотоэлектрик ва нурланиш хусусиятлари аниқланади;

ITO, ZnO, FeO, n-SnO2/p-Si и n-ITO/p-Si асосидаги фаол соҳали қатлам ва структраларнинг электрофизик хоссалари аниқланади;

кам ўлчамли структураларда заряд ташувчиларнинг ўтиши ва ёруғлик генерацияси натижасида юзага келувчи фотовольтаик эффект қийматини назарий ҳисоб-китоби ва бу жараёнларга квазизарраларнинг таъсири аниқланади;

 кремний тагликларида олинган pSi-n(Si2)1-x(GaN)x асосидаги наноструктурали гетероўтишлардаги нурланиш механизмлари очиб берилади;

“Ёруғлик тарқатувчи-оптик муҳит-ёруғлик қабулқилгич” тизимининг хусусиятлари ва параметрлари билан боғлиқ холдаги чиқиш сигналини қайд қилиш жараёнини моделлаштирилиб, эритмада киришмаларнинг паст концентрацияларини рўйхатга олишнинг янги усули ишлаб чиқилади;

зилзилани башоратлашнинг янги методикаси ҳақида илмий-техник маълумот ва керакли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Республика интеллектуал мулк агентлигига ва бошқа тегишли органларга патент олиш учун жўнатилади;  

 

қуёш энергиясини ўзгартириш соҳасида наносуюқликли иссиқлик ташувчилар олиш технологияси, улардан иситиш ва совутиш тизимларида фойдаланиш имкониятлари, антифриз ўрнида фойдаланиш имкониятларини хисобга олган холда, ишлаб чиқариш корxоналарида жорий қилиш мақсадида технологияларни тақдим этиш учун теxник ҳужжатлар тўплами ишлаб чиқилади;

фазавий ўзгарувчан материаллар асосидаги янги турдаги иссиқлик аккумуляторларининг тажриба нусхалари яратилиб, уларнинг ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш максадида стартап лойихаси тайёрланади;

Электр энергия ва иссиқ сув билан қишлоқ уйларини кафолатли  таъминлаш учун АФЭҚнинг янги тажрибавий нусхалари ишлаб чиқилади.

 


НАУЧНЫЕ ЛАБОРАТОРИИ

Услуги

Семинары при ФТИ АН РУз

Научный семинар по направлению «Физики высоких энергий»

Председатель : Олимов К.
Секретарь : Фозилов М.И.
Научный семинар по направлению «Физика полупроводников»

Председатель :  Ёдгорова Д.М. 
Секретарь :  Жураев Х.Н.
Научный семинар по направлению «Использование солнечной энергии»

Председатель : Авезов Р.Р.
Секретарь : Рашидов К.Ю.
Научный семинар по направлению «Теория конденсированного состояния»
Председатель :  Байзаков Б.Б.
Секретарь :  Цой Э.Н.
Видео
Фотогалерея
Конференции

полезные ресурсы

Контакты

Телефон: +99871 2359361

Факс: +998712354291

E-mail: ftikans@uzsci.net

Адрес: Узбекистан, 100084, г. Ташкент, ул. Чингиз Айтматов 2Б

Подписка

Введите свой E-mail адрес и получайте новые материалы, новости и полезные советы с нашего сайта сразу на свою почту: